Ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури тасдиқланди

33

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури тасдиқланди.

Дастурда: 

мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим тизими ташкилотларида ягона миллий тарбиянинг яхлит тизимини яратиш, Ватанга садоқат ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг вертикал тизимини амалга ошириш;

Дастурнинг асосий ғояси, мақсад ва вазифаларига эришиш учун “Миллий тарбия модели”ни амалга ошириш;

ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш тарби белгилаб берилди.

Дастур уч босқичда амалга оширилади: 

биринчи боскичда – мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 3-6 ёшдаги болаларга миллий ўзлик туйғусининг ривожланиши, ўз ҳатти-ҳаракатларини бошқариш ва ўзини намоён қилишга интилиш, теварак-атрофга муносабат кўникмалари сингдирилади;

иккинчи босқичда – умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиётган 7-18 ёшдаги ўқувчиларда буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, мустақил қарор қабул қилиш, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият фазилатлари шакллантирилади;

учинчи босқичда – ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида билим олаётган 16-22 ёшдаги ўқувчи ва талабаларда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанини ҳимоя қилишга тайёр, ҳарбий хизматга шай, фидойи шахсни тарбиялаш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўша оладиган фаол фуқаролик позицияси ривожлантирилади.

Барча таълим ташкилотларида ҳар душанба куни “Келажак соати” дарси ўтилади.

Бунда: 

а) долзарб мавзулар доирасида дарс сценарийлари асосида контентлар яратилади ҳамда “milliytarbiya.uz” электрон платформасига жойлаштириб борилади;

б) “Келажак соати” дарсларини ўқитувчи педагог ходимлар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади;

в) Дастурда белгиланган вазифаларга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели ишлаб чиқилади;

г) ҳар йили маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагоглар ўртасида “Миллий қадриятлар тарғиботчиси” республика танлови ўтказилади.

Қарорга кўра Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги: 

2026 йил 1 июнга қадар Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделини;

ҳар йили 1 сентябрга қадар маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режаларини тасдиқлаб беради.

Мазкур қарор билан Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини 2026 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб “Жасорат мактаблари” ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаси ўтказилади.

2026 йил июнь ойида таълим ташкилотларидаги “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоларининг ҳарбий-ватанпарварлик форуми ташкил этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан биргаликда талаба қизлар ўртасида “Тўмарис издошлари”, талаба ўғил болалар ўртасида “Амир Темур ворислари” номли ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилади.

ЎзА