Ўзбекистонни Кавказ ва Европа билан боғлайдиган янги халқаро транспорт йўлаклари ривожлантирилади (+видео)

31

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўтказилди. Олий даражадаги музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи Амир Султонов давлатимиз раҳбарининг Анқарага ташрифи икки давлат ўртасида ўрнатилган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий мазмун билан бойитишга қаратилган муҳим босқич эканини қайд этиб, шундай деди:

– Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнот имзоланди. Ҳужжатда икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб берилган, – деди А.Султонов.

Ҳамкорликни амалга оширишнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қарор ҳам имзоланди. Бунда турли соҳалар бўйича доимий қўшма қўмиталар ташкил этиш, тизимли равишда лойиҳаларни татбиқ этиш механизми яратилиши кўзда тутилган.

Иқтисодий ҳамкорлик масалалари учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Транспорт соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Энди Ўзбекистонни Кавказ ва Европа билан боғлайдиган янги халқаро транспорт йўлаклари ривожлантирилади. Хусусан, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия йўналиши орқали контейнер поездлар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу бевосита экспрот-импорт жараёнларини тезлаштиради ва тадбиркорлар учун янги бозорларга чиқиш имкониятини яратади.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар бўйича ҳамкорлик тўғрисида алоҳида келишувга эришилди. Бу ҳам шубҳасиз Туркиядан Ўзбекистонга кўпроқ инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам муҳим битим имзоланди. Унга мувофиқ, ҳар йили белгиланган квота асосида Ўзбекистон фуқаролари Туркия тиббиёт муассасаларида бепул юқори малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео), ЎзА