Геология ва минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланади

8

Геология ва минерал ресурслар соҳаси Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга ва уни ривожлантиришда шаффофлик ҳамда халқаро стандартларга мос ҳамкорлик муҳим омиллардан биридир.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Сума Чакрабарти ва унинг экспертлар гуруҳи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда соҳада амалга оширилган ишлар, истиқболдаги режалар ҳамда халқаро ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистоннинг минерал ва геология соҳасида шаффофлик ташаббусига (EITI) эҳтимолий қўшилиши юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашди.

Масъуллар қайд этганидек, мамлакатимизда геология ва минерал ресурслар соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва шаффофликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мулоқот нафақат амалга оширилган ишлар ва ташрифлар натижалари бўйича фикр алмашиш имконини беради. Шу билан бирга,  EITI ташаббусини амалиётга татбиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мулоқот чоғида Сума Чакрабарти вазирлик томонидан EITI ташаббусини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва кўрсатилган ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув сўнгида томонлар ҳамкорликда ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилишининг муҳимлигини таъкидлади.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу учрашув юртимизда геология ва минерал ресурслар соҳасини шаффофлик ва халқаро ҳамкорлик асосида ривожлантиришда муҳим қадамдир. Бу каби қўшма лойиҳалар ушбу тизимнинг равнақида муҳим ўрин тутади.

 Н.Зиёдуллаева, ЎзА