Амударёда илк бор «Хорижда иш» меҳнат ярмаркаси ўтказилди

29

Амударё туманидаги Маданият марказида туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Хусусий бандлик агентликлари федерацияси билан ҳамкорликда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни халқаро меҳнат бозоридаги касбларга йўналтириш мақсадида «Хорижда иш» бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Унда юртимизда фаолият юритаётган Workmall, Getwork, Worldbridge, Horizon Work, Bestwill, International Migration Line, Jobbridge, Mirpower, Interwork ва The Best Staff каби ўндан ортиқ хусусий бандлик агентликлари Германия, Польша, Жанубий Корея, Туркия, Япония ва бошқа давлатлардаги қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тиббиёт саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги юқори даромадли иш ўринларини таклиф қилди.

– Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун муносиб иш ўринларини яратиш, жумладан, меҳнат миграциясини тартибга солиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган, – дейди Миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи А.Ачилов. – Бугун ташкил этилган меҳнат ярмаркаси туман аҳолиси, айниқса, хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз учун янги имкониятлар эшигини очди. Ушбу ярмаркалар фуқароларга қонуний, хавфсиз ва кафолатли меҳнат фаолиятини йўлга қўйишда муҳим роль ўйнайди. Эътиборли жиҳати шундаки, таклиф этилаётган барча иш ўринлари расмий меҳнат шартномалари, қонуний визалар ва рухсатномалар, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари асосида амалга оширилади. Бу эса фуқароларимизнинг хавфсиз ва барқарор меҳнат қилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ярмаркада 500 дан ортиқ фуқаро иштирок этиб, уларга хусусий бандлик агентликлари мутахассислари томонидан хорижда ишлаш шартлари, меҳнат шартномалари, виза ва рухсатномалар, иш ҳақи, ижтимоий кафолатлар ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича аниқ ва ишончли маълумотлар тақдим этилди.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан берилган иш ўринларига 337 нафар фуқаро қизиқиш билдириб, рўйхатдан ўтди. Шунингдек, иштирокчиларга хорижда ишлашда қонунчилик, хавфсизлик, ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги