Марказий банк нима сабабдан асосий ставкани туширмади? (+видео)

Марказий банк томонидан асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда йиғилишда қабул қилинган қарор ва унинг асосий сабаблари, шунингдек, инфляция ва иқтисодий фаолликка таъсири ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Журналистлар билан мулоқот жараёнида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, инфляцияни таргетлаш ва молиявий барқарорликни таъминлаш механизмлари батафсил тушунтирилди.
Марказий банк бошқаруви иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари ва инфляцион хатарлар фондида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаш тўғрисида қарор қабул қилгани қайд этилди.
– 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори бўлиб, барқарор ялпи талаб омиллари инфляциянинг секинлашув динамикасида устувор аҳамият касб этди, – деди Марказий банк раиси Тимур Ишметов. – Товарлар нархларининг ўсиши ҳамда инфляция пасайиши секинлашиши кенг қамровли хусусиятга эга бўлди. 2025 йил декабрь ойида умумий инфляция йиллик 7,3 фоизгача, базавий инфляция эса 5,7 фоизгача пасайди. Бунда қатъий пул-кредит сиёсати, сўм курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари ҳисса қўшгани қайд этилди. Шу билан бирга, айрим омиллар инфляциянинг барқарор пасайишига тўсқинлик қилиши мумкин. Хизматлар инфляцияси: талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланмоқда. Инфляцион кутилмалар: декабрь ойида пасайиш тенденцияси тўхтаб, бироз ўсиши қайд этилди. Мавсумий омиллар: қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар ва айрим озиқ-овқат товарлари таклифи нархларга босим кўрсатиши мумкин. Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар бўлса-да, умумий таъсир мўътадил бўлиши кутилмоқда. Қимматбаҳо металлар нархларининг юқорилиги экспорт тушумларини қўллаб-қувватлайди.
Ички валюта бозорида экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажми таъсирида сўм 2025 йилда 6,9 фоизга мустаҳкамланди. Бу импорт инфляцияси ва долларлашув даражасини пасайтириш, шунингдек ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтиришга ёрдам берди.
Жорий фаоллик фондида йил якунида иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5−7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланади.
Марказий банк инфляция ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, келгуси чоракларда асосий ставкани пасайтириш имкониятини кўриб чиқади.
Анжуманда Марказий банк раиси ва бошқа раҳбарлар йиғилиш натижалари, қарзлар, инфляция ва иқтисодий кутилмалар бўйича журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
Марказий банк раҳбари коммунал хизматлар тарифини бир ойда эмас, аниқ бир вақтда ошириш таклифи инфляцион кутилмаларни юмшатиши мумкинлигини айтди.
Анжуманда марказий банкнинг қисқа ва бир хил QR‑кодлар ва рақамли платформалар ёрдамида тўловлар тизимларини яхшилаш бўйича режалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишда янги стандартлар жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА