Терговда сон эмас, сифат бўлиши кераклиги айтилди
Тергов сифатини тубдан ошириш ва унинг шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тергов бўйича кадр тайёрлаш бўйича яхлит тизим – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди. Унда йилига 200 дан ортиқ терговчи тайёрланяпти.
Лекин пойтахтда ички ишларда 100 та терговчи лавозими уч ойдан буён вакант. Бу юклама ҳам бошқа ходимларга тушгани учун сифат йўқолиб бораётгани қайд этилди.
“2025-йил судда 422 та шахс оқлангани судяларни мустақил қарор қабул қилаётганидан далолат. Бу, албатта, яхши! Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Шунча шахснинг ноқонуний айбланганига ким жавоб беради?
Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак. Шу боис, илғор хорижий тажриба асосида тергов идораларининг фаолиятини такомиллаштириш зарур”, – деди Президентимиз.
Манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги учун ички ишлардаги терговчилар ўз хизмат вазифасини ҳудудий ички ишлар раҳбарларидан мустақил олиб бориши жуда муҳимлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга тергов органлари фаолиятини ва иш ҳажмига мос равишда штатларни қайта кўриб чиқиб, қарор ва қонун лойиҳалари тўпламини киритиш топширилди.
ЎзА