Хавфсизликни таъминлашда тизимли ёндашув ва аниқ мақсадлар

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13-январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда мамлакат мудофаа сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш Қуролли Кучлар фаолиятини замон талабига мос равишда тубдан такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берди.
Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан ҳарбий соҳада бошқарув самарадорлигини ошириш, замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб бера оладиган профессионал армияни шакллантириш, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ёшлар тарбияси ва уларни ҳаётга тарбиялашнинг муҳим институти сифатида ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ҳарбий хизмат интизом, маъсулият ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш билан бир қаторда ёшлар учун мустаҳкам касбий пойдевор яратиши лозим.
Мазкур вазифалар ижросини тизимли ва манзилли ташкил этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ таркибига тегишли вазирлик ва идоралар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, шунингдек, соҳа мутахассислари жалб этилган бўлиб, улар ҳарбий хизмат давомида ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг малакасини сертификатлаш ҳамда хизмат якунидан сўнг бандлигини кафолатлашга қаратилган механизмларни ишлаб чиқмоқда.
Ҳозирги кунда Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида амалий фаолитини бошлаган. Ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар доирасида ҳарбий қисмларнинг моддий-техник базаси, мавжуд инфратузилма имкониятлари, чақирилувчилар ва ёшларнинг қизиқишлари, шунингдек, ҳудудий меҳнат бозорининг реал эҳтиёжлари атрофлича таҳлил қилинмоқда. Мазкур таҳлиллар асосида ҳарбий хизмат жараёнида ўргатиладиган касбларнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинмоқда.

Аҳамиятлиси шундаки, ушбу ташаббуслар қисқа муддатли натижаларгина эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Касб эгаллаган, ҳаётга тайёр, мустақил фикрлайдиган, интизомли ва ватанпарвар ёшлар – Қуролли учлар қудратини мустаҳкамлаш билан бирга, жамият барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим таянчига айланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги