Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди

20

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги масалаларга ўтишдан аввал 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.

Ўтган йили иқтисодиётимиз дастлабки прогнозга нисбатан анча юқори, яъни 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024-йилгидан юқори бўлди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар 43 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга етди.

Юқори иқтисодий фаоллик, ўсаётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.

— Нима учун бу рақамларни айтяпман? Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга кўпроқ маблағ боради. Бу пировардида бандлик, даромад ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади, – деди Президентимиз.

ЎзА