2025 йилда иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўсиши ўртача 8 фоизни ташкил этди

2025 йил якунлари бўйича республикада уй-жой олди-сотди шартномалари сони 295 мингтани ташкил этиб, 15 фоиздан зиёд ўсди.
Йил давомида фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Бухоро (25,7 фоиз), Сирдарё (23,3 фоиз) ва Самарқанд (19,7 фоиз) вилоятларида кузатилди.
2025 йилда республика бўйича уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 фоизи пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келди. Тошкент шаҳрида савдо ҳажми 18,2 фоизга ошиб, тахминан 84 минг битимни ташкил этди.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар динамикаси 2025 йил якунларига кўра, кўчмас мулк иккиламчи бозорида нархлар динамикасининг мўътадил тезлашиши кузатилди. Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўсиши ўртача 8 фоизни ташкил этди, 2024 йилда эса ушбу кўрсаткич 6,2 фоиз даражасида бўлган эди.
Йил давомида нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилиб, ушбу ҳудудларда уй-жой нархининг ўртача йиллик ўсиши тахминан 17 фоизни ташкил этди.
Йил якунига кўра, иккиламчи уй-жой учун энг юқори нархлар пойтахтда сақланиб қолди. Шунингдек, нисбатан юқори нархлар Самарқанд вилоятида — бир квадрат метр учун 834 доллар, Тошкент вилоятида эса — бир квадрат метр учун 682 долларни ташкил этди.
Уй-жой учун энг паст нархлар Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди — бир квадрат метр учун 378 доллар. Шунингдек, нисбатан паст нарх даражаси Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиб, у ерда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати тахминан 454 долларни ташкил этди.
Тошкент шаҳрининг иккиламчи уй-жой бозорида ўтган йил давомида бир квадрат метрнинг ўртача қиймати бироз ошди (+0,6 фоиз) ва 1100 доллардан кўпроқни ташкил этди. Шу билан бирга, нархларнинг энг сезиларли пасайиши Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида кузатилди ва тахминан 5 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, пойтахтнинг кўчмас мулк бирламчи бозорида йил давомида нархларнинг анча сезиларли ўсиши кузатилди. Уй-жойнинг ўртача қиймати 9 фоиздан кўпроққа ошди.
Тошкент шаҳрида энг юқори нарх ўсиши Миробод (18 фоиз), Яшнобод (14 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (13,5 фоиз) туманларида кузатилди.
Энг юқори ижара нархлари пойтахтнинг марказий туманларида сақланиб қолди. Хусусан, Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун 11 доллар даражасида қайд этилди.
Шу билан бирга, ижара ставкаларининг ўсиш суръати Олмазор, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида сезиларлироқ бўлди, бу ерда йиллик ўртача ўсиш тахминан 11 фоизни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ушбу таҳлили кўчмас мулк бозорида фаолликнинг ошиши ҳамда ҳудудлар ва сегментлар кесимида динамиканинг хилма-хиллигини кўрсатмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА