Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берганлик учун жавобгарлик белгиланди

20

2026 йил 21 январдаги қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Сунъий интеллект – инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил ўрганиш, ечимларни излаш ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берувчи технологик ечимлар мажмуи.

Қонунга кўра, инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таяниш мумкин эмас.

Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш – маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (41 миллион 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Н.Абдураимова,

ЎзА