2029 йил 1 февралгача заргарлик соҳаси вакилларига имтиёзлар берилмоқда

2029 йил 1 февралгача заргарлик соҳасидаги ишлаб чиқарувчиларга кўпгина имтиёзлар берилмоқда. Яъни, уларнинг яратаётган иш ўрнига қараб, сотиб олинаётган қимматбаҳо метал ва олтин нархида (1 фоиздан 4 фоизгача) чегирма берилмоқда. Ҳеч бир давлатда бундай имтиёз йўқ.
2025 йилнинг ўзида заргарлик соҳасида тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 4 баробарга кўпайди. Тайёр заргарлик маҳсулотлари экспорти 5,1 тоннага ошди. Ёки 439 миллион долларга етиб, аввалги йилга нисбатан 4,7 баробарга ошган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Мажлисда ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда заргарлик саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, заргарлик буюмлари экспортини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, соҳада экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, ярим тайёр заргарлик буюмлари билан боғлиқ жараёнларни такомиллаштиришга доир чораларни кўриш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, улардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларнинг ноқонуний айланмасини камайтиришга қаратилган. Қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металлардан тайёрланган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасини олиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, 2029 йил 1 февралгача заргарлик соҳасидаги ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий заргарлик саноатини ривожлантириш, қонуний фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА