Маҳалла – жамият бошқарувидаги муҳим бўғин

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномасида 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши мамлакатимизда маҳалла институтининг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ташаббус Қорақалпоғистон Республикасида ҳам маҳалла тизимини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.
Маҳалла халқимиз ҳаётида азалдан ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий қадриятларни мустаҳкамловчи муҳим институт сифатида шаклланган. Бугунги кунда эса у аҳоли муаммоларини бевосита жойида аниқлаб, уни ҳал қила оладиган, давлат билан фуқаролар ўртасида самарали мулоқотни таъминлайдиган бошқарув тизимига айланди.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда, маҳаллаларда бандликни таминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон маҳаллалари аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим институтсионал механизмга айланмоқда. Айниқса, маҳаллаларда ишсиз фуқароларни аниқлаш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш, оилавий тадбиркорлик, томорқа хўжалиги, ҳунармандчилик ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этиш орқали барқарор даромад манбалари яратилмоқда. Хусусан, ёшлар ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар аниқ мақсад ва натижаларга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Ҳар бир маҳалланинг ободлиги, аҳолининг турмуш даражаси, бандлик ҳолати, ёшларнинг билим ва ташаббускорлиги, ижтимоий муҳитнинг соғломлиги ушбу сиёсат самарадорлигининг асосий мезонлари ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида маҳалла тизимини ривожлантириш, аҳоли бандлигини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар жамият барқарорлигини таъминлашга ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам асосини яратишга хизмат қилади.
Сағиндиқ Турманов,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақолпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи.
Қорақолпоғистон ахборот агентлиги