Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини қонунийлаштириш янада соддалаштирилмоқда

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш мақсадида қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун 2024 йил ноябрда кучга кирган эди. Ўтган даврда бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди.
Эндиликда бундай объектларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини янада тезлаштириш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Унда адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллақулиев 1 йил давомида мазкур қонун доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Қайд этилганидек, бугунга қадар ҳудудларда 27 минг 761 та объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилди. Яна 8 мингга яқин объект халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилмоқда.

Амалиёт бу соҳада кўплаб муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Хусусан, объектларнинг солиқ қарздорлиги борлиги, муддатларнинг кўплиги каби ҳолатлар ушбу тартибларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Масалан, жорий 1 декабрь ҳолатига кўра, 243 мингдан ортиқ ёки тизимга кирган 60 фоиз объектнинг 4 миллиард 935 миллион сўм қарздорлиги мавжуд бўлгани боис уларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари тўхтаб турибди.
Шу боис, қонун лойиҳасида ваколатли ташкилотлар ва адлия органлари томонидан йиғма жилд ҳужжатларини кўриб чиқиш ҳамда эълон бериш муддатларини қисқартириш, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ортиқча эгалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этишда бозор қиймати ўрнига қатъий белгиланган миқдорда бир марталик тўлов ундириш назарда тутилмоқда.
Бир марталик тўлов ўз вақтида амалга оширилган тақдирда, автоматик равишда 50 фоиз чегирма қўллаш, тўловлар белгиланган муддатда амалга оширилмаган тақдирда, туман (шаҳар) солиқ инспекцияси ва тегишли шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида тўловларни 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда.
Бино ва иншоотлар қурилиши тақиқланган ҳудудда жойлашган тақдирда, уни тўлиқ рад этмасдан ер участкасининг қурилиши тақиқланган ҳудудига тушган қисмини чегириб ташлаган ҳолда қолган қисмига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, солиқ қарздорлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган тақдирда, шу жумладан, белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ҳам ушбу кўчмас мулк объектларига нисбатан мазкур қонун талабларига мувофиқ ҳуқуқларни эътироф этиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, “Ўзкосмос” агентлиги томонидан бинолар ва иншоотлар қурилган даврни аниқлашнинг техник имконияти мавжуд бўлмаганда (ушбу даврга тегишли бўлган космик суратлар мавжуд бўлмаганда) қонунда кўрсатилган муддатга энг яқин бўлган олдинги ва кейинги космик суратлар асосида хулоса берилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан бинолар ва иншоотлар, шу жумладан якка тартибдаги уй-жойлар хусусийлаштирилгани ёки хусусийлаштирилмагани тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишга (бириктиришга) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳам масъул этиб белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг зарурати, фуқаролар манфаатларига хизмат қилиши эътироф этилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА