Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришда олдинга қадам қўймоқда
Ўзбекистон Сунъий интеллектга тайёргарлик индексида сўнгги йилларда барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Oxford Insights халқаро таҳлил маркази томонидан эълон қилинган рейтинг натижаларига кўра, мамлакатимиз 2023 йилда 87-ўринни эгаллаган бўлса, 2025 йилга келиб, ушбу кўрсаткични 25 поғонага яхшилади.
Хусусан, 2024 йилда мамлакатимиз мазкур рейтингда 70-ўринни қайд этган бўлса, 2025 йил натижаларига кўра, яна 8 поғонага юқорилаб, 62-ўринга кўтарилди ва ўз позициясини янада мустаҳкамлади.
AI Readiness Index давлатларнинг сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга тайёргарлик даражасини баҳолайди. Рейтинг давлат бошқаруви, технологиялар инфратузилмаси, инсон капитали, маълумотлар сиёсати ҳамда инновацион муҳит каби муҳим мезонлар асосида шакллантирилади.
Ушбу натижалар Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини стратегик йўналиш сифатида ривожлантириш, рақобатбардош рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва аҳоли учун замонавий давлат хизматларини таъминлаш йўлидаги ислоҳотларнинг самарасини акс эттиради.
Н.Раҳмонова, ЎзА