Ўзбекистон ва МДҲ: умумий тараққиёт ва хавфсизлик макони

7

21 декабрь Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига аъзо бўлган кун.

Ўлкамиз ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳисобланади. Мазкур тузилма бугунги кунга қадар анча мураккаб бўлган шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди.

Айтиш керакки, мазкур ташкилот сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида қўшма ҳамкорлик механизмларини жамлаб, давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун муҳим майдон ҳисобланади. Бу жараёнларда диёримиз ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, минтақавий барқарорлик ва тараққиётга ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг МДҲдаги иштироки бир қатор асосий йўналишларда намоён бўлди. Мамлакатимиз сиёсий йўналишда қўшни давлатлар билан чегаравий муносабатларни барқарорлаштириш ва минтақадаги низоларнинг олдини олиш учун фаол тадбирлар амалга оширди. Қолаверса, юртимиз тузилма доирасидаги сиёсий маслаҳатлашувларда фаол иштирок этиб, қўшма қарорларни қўллаб-қувватлади ва ўз позициясини илгари сурди. Бу ҳолат республикамизнинг сиёсий таъсирини мустаҳкамлаб, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Иқтисодий соҳада ҳам Ўзбекистон фаол иштирок этди, дейиш мумкин. МДҲ доирасида қўшма иқтисодий лойиҳалар ва савдо алоқаларини кенгайтиришда амалий ташаббусларни илгари сурди. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ташкил қилиш, транспорт ва энергетика йўлакларини биргаликда ривожлантириш орқали минтақавий интеграцияни мустаҳкамлади. Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ички бозорни ривожлантиришда ҳам тузилма механизмларидан фойдаланилди. Бу қадамлар нафақат миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш, балки бутун минтақада иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш имконини берди.

Маданий ва гуманитар соҳаларидаги ҳамкорлик ўлкамизнинг МДҲдаги фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга. Маданий алмашувлар, таълим ва фан соҳасидаги қўшма дастурлар мамлакатлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлади. Шу йўналишда, масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида таълим соҳасидаги қўшма дастурлар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилди. Бу маданий алоқалар сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилди, чунки маданий интеграция минтақада барқарор ҳамкорликнинг фундаментал қисми ҳисобланади.

Ҳавфсизлик ва мудофаа соҳасида Ўзбекистон МДҲнинг қўшма механизмларидан фойдаланиб, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда фаоллик кўрсатди. Қўшма ҳарбий машқлар, терроризм ва трансчегаравий таҳдидларга қарши ҳамкорлик, чегара хавфсизлиги масалаларида қўшма чора-тадбирлар мамлакатнинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан бирга, бутун минтақа барқарорлигини таъминлади.

Ватанимизнинг тузилмадаги ташаббуслари нафақат миллий манфаатларни таъминлаш, балки минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан узлуксиз ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини ҳам берди. Бу фаолиятнинг барча йўналишлари ўлканинг минтақавий сиёсий ва иқтисодий устуворликларини таъминлашда муҳим механизм сифатида хизмат қилди. Шунингдек, юртимизнинг МДҲдаги фаол иштироки глобал сиёсий жараёнларда позициясини мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда ўз таъсирини ошириш имкониятини берди.

Мусулмон Зиё, ЎзА