«Ватан таянчи» отрядлари аъзолари тантанали равишда ваъда берди

Қонликўл туманида «Ватан таянчи» отрядлари аъзолари бўлган ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Р.Рахмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник И.Рахимов, Вазирлар Кенгаши Раисининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Утемуратов, туман ҳокими Б.Султанов, Мудофаа ишлари «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари, ўқувчилар, устозлар, ота-оналар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
«Ватан таянчи» ҳаракатининг асосий мақсади – ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда масъулият, фуқаролик бурчи ва Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришдан иборат.
Президентимизнинг 2022 йил 2 мартда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу қарорга асосан, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, эркин фикрлайдиган, билимли ва жамиятда муносиб ўрин эгаллайдиган шахслар этиб вояга етказиш, ўқувчи-ёшларни отряд атрофида бирлаштириш мақсад қилинган ва бугунги кунда туманда 27 та «Ватан таянчи» отряди мавжуд бўлиб, уларга 377 нафар ўқувчи аъзо бўлган.
Тадбирда умумтаълим мактабларининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отряди аъзоларига кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
«Ватан таянчи» отрядлари аъзолари тантанали равишда ваъда берди.
Таъкидланганидек, Ватанпарварлик – баландпарвоз шиорларда эмас, балки кундалик масъулият, тартиб-интизом ва фидойиликда намоён бўлади. Ўқувчиларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг келажакда мард, билимли ва ватанпарвар авлод бўлиб камол топишида бу ҳаракатнинг аҳамияти беқиёс.
Тадбир доирасида ёшларнинг Ватанга садоқатини ошириш, уларда фидойилик ва қатъиятлиликни мустаҳкамлаш, билим, куч ва матонатини синаш ҳамда янги ютуқларга эришишга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ватан таянчи» ҳаракати аъзолари ўртасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ҳам ўтказилди.

Учрашув давомида отряд аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги