Танзила Норбоева: Жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш – Янги Ўзбекистон учун фундаментал қадриятга айланди
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар нафақат юртимиз тараққиёти, балки бутун минтақада барқарорлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшмоқда.
Бундан саккиз йил олдин Президентимиз БМТ минбаридан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилинганини дунё ҳамжамиятига эълон қилган эди.
Сенат ялпи мажлиси давомида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Сенат Раиси Танзила Норбоева ўтган давр мобайнида ушбу стратегик мақсад йўлида қўшни давлатлар билан баҳамжиҳат иш олиб борилгани, мисли кўрилмаган натижаларга эришилганини эътироф тди.
– Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласи мазкур жараёнларнинг маъно-моҳияти ва тарихий аҳамиятини очиб берди, – деди Т.Норбоева. – Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликнинг мутлақо янги даври бошланишига замин яратди. Унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар минтақамизнинг умумий тараққиётига хизмат қилади.

Қардош Озарбайжон Республикасининг Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилингани ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Биргаликда барқарор ривожланишнинг янги имкониятларини яратади.
Минтақавий барқарор ривожланиш ҳақида гап кетганда ўтган ойда бўлиб ўтган яна бир муҳим тадбир – Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5 + 1” форматидаги саммити аҳамиятини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мазкур анжуман Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотнинг янги босқичини бошлаб беради ва, умуман, минтақавий ва глобал алоқаларнинг янги имкониятларига замин яратади.
Президентимиз томонидан ушбу формат доирасида илгари сурилган ташкилий-институционал ҳамда прогрессив ташаббуслар ўзаро ҳамкорликнинг янада кенгайишига ва амалий мазмун билан бойишига хизмат қилади.
Яқинда қўшни Туркманистонда бўлиб ўтган Тинчлик ва ишонч халқаро форуми доирасидаги олий даражадаги мулоқотларда мамлакатимиз етакчиси илгари сурган ғоя, ташаббуслар жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш – Янги Ўзбекистон учун фундаментал қадриятлар эканини яна бир бор намоён этди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА