Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саккизинчи сессияси тўғрисида ахборот

3

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошқариб борди.

Сессияда Жўқорғи Кенгес Раиси Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши ҳамда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг амалий саъй-ҳаракатлари натижасида миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган «Қўбиз ясаш ва жировчилик санъати» ҳамда миллий меросимизнинг сара намунаси бўлган «Қорауй» ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилганини бутун халқимиз катта қувонч ва фахр билан кутиб олганини алоҳида мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, ушбу қувончли воқеа муносабати билан бутун халқимизни яна бир бор табриклади.

Шундан сўнг, сессия кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.

Дастлабки масала «Реклама тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди. Сессия кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала «Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сессия кун тартибидаги кейинги масала шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни ва тегишли Ҳукумат қарори талабларининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси И.Сдиков маъруза қилди. Ушбу масала депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг, Жўқорғи Кенгеснинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Атажанов жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ва ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала юзасидан маъруза қилди. Бу масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги масалалар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси томонидан қилинаётган ишлар ҳақида Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитасининг ахбороти тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди ва бу масала бўйича депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Навбатдаги масала бўйича сессияда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ахбороти тўғрисида масала юзасидан Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова маъруза қилди ва бу масала ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ва уларда қурилган иморатларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисидаги 937 сонли Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши жараёни ҳақида Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи И.Тлеуовнинг ҳисоботи тингланди. Бу масала бўйича ҳам қарор қабул қилинди.

Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб-қувватлаб, ваколатли органлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар бўйича, шунингдек, Адлия вазирлигининг ҳуқуқларни тан олиш асослилиги тўғрисидаги хулосалари инобатга олиниб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи тан олинаётган 1172 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.

Сессия кун тартибида «Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисини сайлаш тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилиб, Маҳмуд Эшимбетов Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси этиб сайланди.

Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саккизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги