СМТИ директори Доҳада Қатарнинг таҳлилий марказлари ва тараққиёт жамғармалари вакиллари билан учрашувлар ўтказди

11

Жорий йилнинг 6-8 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ҳар йили ўтказиладиган Доҳа форумида иштирок этиб, Қатарнинг етакчи таҳлил марказлари ва тараққиёт жамғармалари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Қатар ташқи ишлар вазири махсус вакили Файсал Абдуллаҳ Ал-Ҳанзаб, Қатар бош вазири маслаҳатчиси ва Халқаро сиёсат тадқиқотлари маркази директори Мажид Ал-Ансорий, Глобал стратегик тадқиқотлар институти президенти Муҳаммад Али Чиҳи, Саудия Арабистонининг «Гулф Ресеарч Cэнтер» тадқиқот маркази президенти Абдулазиз Сагер, меҳнат бозори ё’налишидаги «Жусоур» компаниясининг ижрочи директори Абдулҳади Баҳит Барқан ҳамда Қатар тараққиёт фонди аъзолари билан музокаралар ўтказилди.

Учрашувларда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар кейинги йилларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ижобий суръатини мамнуният билан қайд этдилар. Араб давлатлари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига фаол сармоя киритиб, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва илғор технологияларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Суҳбатдошлар келгуси йилларда ўсиш нуқталарига айланиши мумкин бўлган истиқболли йўналишларни белгилаб олдилар. Булар кўп томонлама механизмлар орқали савдо алоқаларини кенгайтириш, транспорт ташаббусларини (жумладан, Трансафғон йўлагини) амалга ошириш, инфратузилма ва юқори технологияли лойиҳаларга сармояларни жалб этиш, агросаноат мажмуасини ривожлантириш, шунингдек, рақамли ўзгаришларни жорий этишдан иборат.

Икки томонлама ҳамкорликдан ташқари, музокаралар иштирокчилари минтақалараро ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганини қайд этдилар. 2023 йил июль ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб ҳамкорлик кенгаши давлатлари етакчиларининг биринчи саммити бундан далолат беради. Унинг якунида етакчилар 2027 йилга қадар мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини маъқулладилар, бу тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос яратди.

Томонлар Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари катта иқтисодий салоҳиятга эга эканини эътироф этдилар. Бу сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва қулай геостратегик жойлашув билан биргаликда минтақалараро алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. Сўнгги ўн йилда араб давлатларининг минтақага киритган инвестициялари ҳажми қарийб учдан бирга, экспорти эса 30 фоиздан кўпроққа ошди.

Суҳбатларнинг алоҳида мавзуси СМТИ ва Қатарнинг таҳлилий ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш масаласи бўлди. Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун қўшма ғоялар ва амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган экспертлар мулоқотини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Доҳа форуми 2002 йилдан бери Қатар ҳукумати ко’магида ўтказилиб келинмоқда ва долзарб глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун нуфузли платформа ҳисобланади. 2025 йилда форум «Адолат амалда: ваъдалардан тараққиёт сари» мавзуси остида ўтказилди.

Форумда 150 га яқин давлатдан 8 мингга яқин киши, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Япония ва Кореянинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарияти ва мутахассислари иштирок этди.

Олий мартабали меҳмонлар қаторида Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Ал-Соний, «Миcрософт» компанияси асосчиси Билль Гейтс, амалдаги АҚШ президентининг тўнғич ўғли Кичик Доналд Трамп, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва бошқалар бор эди.