Энергетика соҳасида лойиҳалар самарадорлигини оширувчи “Stage-Gate” модели жорий этилади

7

Энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳаларни самарали бошқариш, харажатлар устидан қатъий назорат ўрнатиш ва барча жараёнларни шаффоф тарзда ташкил этиш бугунги куннинг долзарб талабларидан биридир.

Халқаро стандартларга мос механизмларни жорий этиш эса лойиҳаларда рискларни камайтириш, аниқ режалаштириш ва натижадорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖ инвестицион фаолиятни замонавий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш учун “SASOL” компанияси тажрибаси асосида ишлаб чиқилган “Stage-Gate” моделини амалиётга татбиқ этмоқда.

Айни пайтда “UzAssets” АЖ томонидан тасдиқланган трансформациянинг “Йўл харитаси” доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖда лойиҳа бошқарувини ислоҳ қилиш ва янада такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда “Stage-Gate” методологияси лойиҳанинг ҳар бир босқичини аниқ мезонлар асосида баҳолаш, хатарларни олдиндан аниқлаш ва сарф-харажатларни оптимал бошқариш имконини берувчи механизм сифатида танлаб олинган.

Жамият ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 24 сентябрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарлиги ҳамда халқаро нуфузга эга “SASOL” компанияси делегацияси ўртасида ўтказилган учрашувда мазкур методологияни жорий этиш бўйича амалий ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

– Ушбу учрашувда “SASOL” компанияси ўзининг кўп йиллик амалиётда синовдан ўтган лойиҳа бошқарувига оид тажрибаларини Ўзбекистон томони билан баҳам кўришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мазкур модел асосида инвестицион лойиҳаларни бошқариш тартибини белгилайдиган янги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кеча “SASOL” мутахассислари иштирокида “Stage-Gate” моделини амалий ўрганишга бағишланган махсус workshop ташкил этилди. Тадбирда энергетика соҳасидаги етакчи компаниялар амалиёти, замонавий бошқарув ёндашувлари ва моделнинг натижадорликка таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, моделни “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш имкониятлари ҳам таҳлил қилинди. Келгусида халқаро тажрибалар ҳамда “SASOL” тавсияларини инобатга олган ҳолда моделни тўлиқ жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилиниши режалаштирилган, – деди у.

Таъкидлаш жоизки, замонавий бошқарув моделининг жорий этилиши “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг инвестицион фаолиятини халқаро стандартларга яқинлаштириб, харажатлар самарадорлигини оширишга, рискларни минималлаштиришга ва лойиҳалар натижадорлигини юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади. Бу нафақат компания салоҳиятини мустаҳкамлайди, балки энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалий мазмун билан бойитади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА