Саноат зонасининг ҳар бир қарич ерида фақат юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳалар жойлашиши шартлиги айтилди

12

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Сирдарёда саноат, сервис, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳудуд иқтисодиётига инновация ва замонавий технологиялар олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда вилоятда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ишга туширилган 500 миллион долларлик 31 та корхонада 5 минг аҳоли юқори даромадли ишларда меҳнат қиляпти.

Хитойлик ҳамкорлар билан яна 700 миллион долларлик 40 та лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда.

Янгиер, Гулистон ва Ширин шаҳарлари, Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос ҳисобидан Сирдарё эркин саноат зонаси ҳудуди 1 минг 80 гектарга кенгайтирилди.

Эндиликда саноат зонасининг ҳар бир қарич ерида фақат ва фақат юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларнинг жойлашиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

ЎзА