Халқаро ногиронлар куни белгиланди

16

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Нукус шаҳрида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида халқимиз, жумладан, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонларга амалий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан «Инсон қадри учун» ва «Ҳеч бир инсон эътибор ва меҳрдан четда қолмаслиги керак!» деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, турмуш даражасини яхшилаш, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

Албатта, бундай тадбирларни амалга оширишда махсус боғчалар, мактаб-интернатлар ва «Мурувват» уйлари муҳим ўрин тутмоқда. Энг муҳими, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бу борадаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтармоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлайдиган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, жорий йил бошидан буён 7 706 нафар фуқарога 10 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация техник воситалари берилиб, реабилитация марказларида 1 300 нафардан ортиқ фуқаронинг саломатлиги тикланди. Шу билан бирга, кекса ва ногиронлиги бўлган 3 мингдан зиёд фуқаролар учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган 1033 та корхонага эса 9 миллиард 525 миллион сўмлик солиқ имтиёзи берилди. 6 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилди.

Жорий йилдан бошлаб барча янги қурилаётган мактаблар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилди. Шаҳар ва туманлардаги 13,5 км масофадаги кўчалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун мослаштирилмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда 25 та спорт марказида ташкил этилган 15 та спорт тўгарагида 600 нафардан ортиқ пара-спортчилар мунтазам шуғулланиб келмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган болаларни жамиятга жалб қилиш ва саломатлигини тиклаш мақсадида, 41 та жойда ташкил этилган «Кундузги парваришлаш хизмати»га 273 нафар бола қамраб олинди.

Шундай қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик натижасида ногиронлиги бўлган шахслар турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Тадбир доирасида сана муносабати билан ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар топширилди.

Санъаткорлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг биргаликда ижро этган инклюзив концерт дастури эса, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги