S&P Global “Ўзбекнефтгаз” АЖни молиявий барқарор компания сифатида юқори баҳолади

65

Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, S&P Global Ratings мазкур ташкилотнинг узоқ муддатли кредит рейтингини молиявий кўрсаткичлари яхшилангани натижасида “B+”дан “BB-“ даражасига кўтарди ва прогнозни “Барқарор” деб белгилади.

Давлат томонидан геологик-қидирув ишларини жадаллаштириш, газ қазиб чиқаришни барқарор таъминлаш, синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда 2024-2026 йилларда замонавий операцион моделни жорий этиш вазифалари белгиланган.

Ушбу устувор йўналишлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кейинги йиллардаги ижобий ўзгаришлари учун мустаҳкам асос яратди. Рейтингнинг кўтарилиши компаниянинг 2024-2025 йиллардаги молиявий ва операцион кўрсаткичлари сезиларли яхшиланиши билан боғлиқ бўлиб, молиявий барқарорлик ва рентабеллик ошишига хизмат қилди.

S&P Global Ratings компанияда корпоратив бошқарув сифатида ҳам ижобий ўзгаришларни қайд этди. Агентлик корпоратив бошқарувнинг яхшилангани ва компания фаолияти устидан давлат назорати кучайтирилганини таъкидлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг давлат билан боғлиқлик даражасини “кучли”дан “жуда кучли”га оширди. Бу эса ҳукуматнинг йирик давлат активларини самарали ва шаффоф бошқаришга интилаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, компаниянинг мустақил кредит қобилияти ҳам “B+” даражасигача оширилди. Бу ички бошқарув жараёнларининг мустаҳкамланиши, шаффофликнинг ортгани ва молиявий натижалар устидан назоратнинг кучайиши билан тушунтирилади.

Барқарор прогноз эса S&Pнинг ушбу ташкилотда операцион ва молиявий кўрсаткичлардаги ижобий динамика сақланиши, ликвидликнинг барқарор бўлиши ва асосий инвестиция лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширилиши кутилганини англатади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА