Тарғибот поезди Қорақалпоғистонда

60

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшларидан иборат «Тарғибот поезди» Қорақалпоғистон Республикасидаги ёшлар билан учрашиб, улар ўртасида «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» шиори остида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширмоқда.

Жумладан, тарғиботчилар гуруҳи Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат техника университети, 1-сонли академик лицей, 32-сонли мактаб, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи, Хўжайли ва Тахиатош туманларида бўлиб, учрашув давомида янгиланган Конституциямиздаги ўзгаришлар ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейида ўтказилган учрашувда «Болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ҳуқуқий акцияси доирасида ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга оид турли интерфаол ўйинлар, викториналар ташкил этилиб, бу ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугун «Тарғибот поезди» Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Ички ишлар вазирлиги лицейи ва Нукус туманларига бориб, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ўтказади, – дейди вазирликнинг ҳуқуқий ахборот сектори бошлиғи Нурия Бердиниязова.

Шундай байрам тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи