Тожикистон ва Афғонистон сиёсат, чегара масалаларини муҳокама қилди

61

Тожикистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари Сирожиддин Муҳриддин ва Амир Хон Муттақий телефон орқали суҳбатлашб, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизликни мувофиқлаштириш ва чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Муттақий яқинда Хитой фуқаролари орасида қурбонларга олиб келган чегара ҳодисасини қоралади ва афсус билдирди. Минтақавий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлаб, Афғонистон чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қўшма тергов ўтказишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Вазирлар минтақада барқарорликка эришиш ва “тарафкаш гуруҳлар икки мамлакат муносабатига путур етказишининг олдини олиш” учун бирга ишлашда давом этиши зарурлигини маъқулладилар.

Юқорида айтиб ўтилган воқеа 26 ноябрь куни кечаси содир бўлган. Афғонистон ҳудудидан ўқ узилиши ва гранаталар билан қуролланган дронлар ишлатилиши натижасида кончилик компанияси ходимлари – уч нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлди. Кейинроқ яна бир ҳужум қайд этилди. Сўнгги бир ҳафта ичида чегара ҳодисаларида жами беш киши ҳалок бўлди, беш киши яраланди.

С.Раҳимов, ЎзА