Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1-декабр – Қорақалпоғистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганининг 36 йиллиги муносабати билан байрам тантанаси ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.
Таъкидланганидек, она тили – бу мулоқот воситаси бўлиши билан бирга, бир неча асрлар давомида ўз қадр-қимматини йўқотмасдан, биз авлодларга етиб келган бебаҳо хазинадир. Ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятини, ҳар бир юртнинг тараққиёт босқичлари ва истиқболини белгилашда она тилининг тутган ўрни алоҳида саналади. Шу боис, ҳар бир ўсиб келаётган авлод она тилини асраб-авайлаши, унинг келгуси авлодга безавол етиб боришини таъминлаши керак.
Сўнгги йилларда юртимизда она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси она тилимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
Ўтказилган байрам тантанасида она тилимизга ҳурмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кенг турда сўз этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси бўлим бошлиғи, Қорақалпоғистон халқ шойири Рустам Мусурмон байрамга бағишлаб шеър ўқиб берди.

Байрам тадбири санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги