Янги илмий-тадқиқот станцияси ўз фаолиятини бошланди

Орол денгизининг қуриган тубида ташкил этилган илмий-тадқиқот станцияси очилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдурахмонов ва Инновацион ривожланиш агентлиги директори А.Норов иштирок этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва маҳаллий экотизимни тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2022 йилда Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Орол денгизи тубида экологик ва илмий тадқиқотлар олиб бориш ва ундаги муаммоларга самарали ечим топиш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.
Шу асосда ўтган йиллар давомида умумий қиймати 15,7 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа молиялаштирилиб, жорий йилда 57,1 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шундай лойиҳалар қаторида фойдаланишга топширилган ушбу янги илмий-тадқиқот станцияси экологик тиклаш ишларини самарали назорат қилиш, шўрга чидамли ўсимликлар ўсишини кузатиш ва самарали илмий тадқиқот ишларини олиб боришда муҳим ҳисобланади.

Янги илмий-тадқиқот станцияси нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки минтақадаги илмий тадқиқотлар ва экологик изланишлар учун марказ сифатида хизмат қилади ва Оролбўйи ҳудудининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги