Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашига Сержио Гор ҳамда Саида Мирзиёева ҳамраислик қилади

44

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасининг маълум қилишича, янги ташкил этилган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ҳамраиси сифатида АҚШ томонидан Жанубий ва Марказий Осиё бўйича Махсус вакил, Элчи Сержио Гор ҳамраислик қилади.

Аввалроқ Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамраис бўлиши эълон қилинган эди.
«Кенгаш АҚШ ва Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, АҚШ технологиялари ва истеъдодлари учун юқори ривожланаётган соҳаларни, айниқса IT ва рақамли инновацияларни йўлга қўйиш; ва АҚШ экспортчилари учун тенг рақобат муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади», — дейилади АҚШ элчихонаси хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда ушбу Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланиши белгиланган эди:

(a) стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;

(b) Ўзбекистонга қўшимча инвестициялар жалб этиш учун махсус инвестиция фондни яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЯТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;

(v) тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;

(g) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;

(d) мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захираларининг бир қисмини ва бошқа активларни диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.

ЎзА