«Ҳарбий қисмда бир куним» тадбири ташкил этилди

45

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда «Халқ ва армия – бир тану, бир жон!» эзгу ғояси асосида «Ҳарбий қисмда бир куним» тадбири ташкил этилди.

Ёшларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, эл-юрт осойишталигини ҳимоя қилиш, ҳарбийликка қизиқишни ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари иштирок этди.

– Ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳарбий қисмларда ташкил этилаётган бундай тадбирларнинг ўрни беқиёс, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи Бахитбай Қўшжонов. – Бугунгача минглаб ёшларимизни шундай ҳарбий қисмларга олиб келиб, уларнинг ҳарбий хизматга қизиқишини оширишга эришдик.

Тадбир доирасида музейга саёҳат ташкил этилиб, тарихда ўтган буюк саркардаларимизнинг ҳарбий санъат тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳусусида маълумотлар берилди. Қурол-аслаҳа ва техникалар, замонавий асбоб ҳамда анжомлар билан таништирилди. Ўқув тренажёрларида ўқ отиш бўйича амалий машқлар бажарилди. Бир сўз билан айтганда, кун давомида ҳарбий округда бўлган ёшлар эгнига ҳарбий либос кийиб, ўзларини ҳақиқий ҳарбий хизматчидек ҳис қилди. Саф тайёргарлигидан ўтиб, қўл жанги элементларини ўрганди. Ҳарбий қисм ошхонасидаги тушликда ўқувчилар ватан ҳимоячилари таомномасидан ўрин олган таомлардан татиб кўрди.

Шу куни округ кутубхонасида «Чемпион ва ёшлар учрашуви» ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида ёшларга дала ўқув машғулотлари учун зарур асбоб-ускуналар берилиб, дала ўқув майдонида ҳарбий бирликни, ҳушёрликни, чидамлиликни оширувчи машқлар, ҳарбий оркестр чиқишлари ўқувчиларда алоҳида таассурот қолдирди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги