Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилади

39

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг таълим ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатида яна бир муҳим қадам қўйилди. Президентимизнинг жорий йил 20 ноябрда “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ишланмаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, дастурларни самарали, манзилли ва натижага йўналтирилган ҳолда амалга оширишни назарда тутади.

Фармонда қатор стратегик мақсадлар белгиланди. Жумладан, бандликни таъминлаш “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган 16 минг нафар ёшнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсад қилиб қўйилди. Бу орқали ёшларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кучайтириш, ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.

“Мутолаа” лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида илмий-оммабоп ва бадиий адабиёт мутолааси билан шуғулланувчилар улушини 10 фоизга ошириш режалаштирилган. Бу вазифа ёшларда фикрлаш маданиятини, нутқни ва билим доирасини кучайтиришга хизмат қилади.

“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Замонавий меҳнат бозорида тил билиш рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бири бўлаётгани инобатга олинган.

2026 йил 1 февралдан бошлаб, ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестридаги оилаларда тарбияланаётган ёшларга ижтимоий шартнома асосида тақдим этилади. Яъни, ёшлар давлат кўмагини олиш учун қуйидаги талабларни бажаришлари зарур, таълимни узлуксиз давом эттириш, ўқишда ижобий натижаларга эришиш, волонтёрлик фаолиятида иштирок этиш, “Беш ташаббус олимпиадаси” лойиҳаларида қатнашиш зарур.

Бу ёндашув ёшларни нафақат ижтимоий ёрдам олувчи, балки фаол ва масъул иштирокчи сифатида тарбиялашни мақсад қилади. Ижтимоий шартнома талаблари бажарилмаган ҳолда, давлат кўмаги тартибли равишда чекланади. Аввало, 15 кунлик огоҳлантириш берилади. Талаблар бажарилмаса, ёрдам миқдори 15-30 фоизгача камайтирилади. Баъзи ҳолларда ёрдам 1 ойдан 6 ойгача вақтинчалик тўхтатилади. Мутлақо бажарилмаган тақдирда, ёрдам 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатилиши мумкин. Бу механизм ёшларни масъулиятли, тизимли ва интизомли бўлишга ундайди.

Ижтимоий шартнома талабларини камида 6 ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қатор имтиёзларга эга бўлади.  Навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқи, ҳар йили энг фаол 1 000 нафар ёшга БҲМнинг 3 баравари миқдорида пул мукофоти, ташаббускор ва фаол ёшлар махсус мукофотларга тавсия этилади. Бу рағбатлантиришлар орқали давлат ёшлар ўртасида соғлом рақобат ва фаоллик муҳитини шакллантиришни мақсад қилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентнинг ушбу фармони ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва меҳнат бозорига тайёрлигини оширишга қаратилган. Ижтимоий ёрдамнинг шартнома асосида тақдим этилиши эса тизимнинг самарадорлигини кучайтиради, ёшларнинг фаол, масъулиятли ва ташаббускор инсонлар сифатида вояга етишларига хизмат қилади.

Бу ўзгаришлар мамлакатда ёшлар сиёсати янада устувор йўналиш сифатида амалга оширилаётганини, давлат томонидан ёш авлоднинг келажагига катта эътибор қаратилганини яна бир бор намоён этмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА