Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш йўлидаги ишлар ўрганилди

26

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Хўжайли туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Жўқорғи Кенгеси Раиси дастлаб Саричунгул овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Товша қишлоғига ташриф буюрди. Таъкидлаш жоизки, илгари бу ерда 149 нафар фуқаронинг турар жойлари термитдан зарар кўриб, яшаб келаётган эди. Бу муаммонинг ечими топилиб, деярли барча хўжаликлар хавфсиз жойга кўчирилиши таъминланди.

Шундан сўнг, Боғмон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Балиқ ЮК» масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйилган балиқ кўпайтириш лойиҳаси, шунингдек, Қумбиз маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Қирқ қиз» масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйилган тикувчилик корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши учун барча амалий ёрдамларни кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Сўнгра республикамиз раҳбари Парвоз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йўлга қўйилган «Kingsman» хусусий мактаби фаолияти ўрганилиб, умумтаълим мактаблари билан бирга нодавлат мактаблар фаолияти йўлга қўйилиши таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши ва келгусида бундай мактабларни янада кўпайтириш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси «Фаррухбек Хожели» фермер хўжалиги томонидан йўлга қўйилган чорвачилик лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишиб, янги иш ўринларини яратишга қаратилган бундай лойиҳалар ташаббускорлари доимо қўллаб-қувватланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Шулар билан бир қаторда республикамиз раҳбари фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида ҳали ҳам ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва муаммоларга ечим топиш бўйича тумандаги кўча оқсоқоллари, нуронийлар билан учрашиб, амалга ошириши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг, туман фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги