“Бир байроқ остида” эстафетаси қалбларга ғурур бағишлади
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 34 йиллиги «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида мамлакатимиз бўйлаб миллий бирлик, ҳамжиҳатлик, юксак ватанпарварлик тантанаси сифатида кенг нишонланмоқда.
Маълумки, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилнинг 8-18 ноябрь кунлари “Бир байроқ остида” республика эстафетаси тадбирлари ўтказилди.
Рамзий байроқ 8 ноябрдан бошлаб юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда, уч йўналишда пойтахт томон ҳаракатланди.
Биринчи, ғарбий йўналиш – 8 ноябрь куни байроқ эстафетаси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқдан бошланиб Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари орқали юрган бўлса, иккинчи, жанубий йўналиш – байроқ эстафетаси 8 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиёдан бошланиб Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари орқали ҳамда учинчи, шарқий йўналиш бўйича 10 ноябрь куни эстафета Андижон вилояти Хонободдан бошланиб, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидан олиб ўтилиб, Тошкент шаҳрига етиб келди.
Қувонарлиси, барча ҳудудларда эстафета сафи кўзларида, шаҳдида, ҳаракатларида миллий ғурур акс этган юртдошларимиз билан кенгайиб борди. Мазкур ташаббус том маънода барчани бирлаштириб, умуммиллий ҳаракатга айланди.
Уч йўналишдан келган рамзий байроқлар ҳарбийлар, зиёлилар, маданият намоёндалари, спортчилар ва етакчи ёшлар иштирокида тантанали равишда кутиб олинди. Рамзий байроқ Бектемир тумани “Роҳат” пости, Мирзо Улуғбек тумани “Янги Ўзбекистон” боғи мажмуаси, Чилонзор тумани “Эркин” пости ҳамда Янги Ўзбекистоннинг янги манзилларидан ўтиб, Тошкент шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” майдонига учта томондан кириб келди ва ягона байроқ остида бирлашди.
Дарҳақиқат, миллат байроғини шарафлашга бағишланган эстафета мамлакатимизнинг неча минглаб километрлик ҳудудидан олиб ўтилди. Ушбу лойиҳа том маънода умуммиллий байрамга айланди. Ҳамюртларимизни ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштирди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, олимлар, шоирлар, адабиётшунослар, санъат ва маданият намоёндалари, спортчилар, ҳарбийлар, ёшлар билан гавжум майдонда катта байрам дастури ташкил қилинди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов давлат рамзларининг тарихий, маънавий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида фикр билдирар экан, эстафета лойиҳаси халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, эзгу орзу ва интилишларга илҳомлантириш, қалбларда миллий ғурур, ватанпарварлик ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
Тадбир санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги гала-концерт билан давом этди. Ватанпарварлик, миллий ғурур, бирдамлик ҳақидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият, байрамона шукуҳ бағишлади.
Тадбирга дронлар шоуси ажойиб якун ясади.
Н.Усмонова, Р.Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари