Ёшлар билан учрашув

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Вазир ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник Бахтияр Тўребеков ҳамда ички ишлар органлари вакиллари иштирок этди. Тадбирни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров очиб, мазкур учрашувнинг аҳамиятини таъкидлаб, ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки, уларни ҳуқуқий билимлар билан қуроллантириш долзарб масала эканини қайд этди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга ундаш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ички ишлар вазири ёшларни профилактик тадбирларда фаол иштирок этиб, атрофда рўй бераётган турли салбий ва кўнгилсиз ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан, жамоатчилик назоратини кучайтиришга чақирди.
Тадбирда ёшлар иштирокида содир этилган турли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари акс эттирилган тақдимот йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва вазирга фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда Киберхавфсизлик бошқармаси масъул ходимлари томонидан кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Учрашув ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни Ватан равнақи йўлида масъулиятли бўлишга ундаш ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги