Тошкентда Марказий Осиёнинг келажак ривожланиш стратегияси муҳокама қилинмоқда

46

Бугун Тошкент одатдагидек эмас. Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари шу ерда йиғилади. Улар минтақанинг эртаси қандай бўлишини бир стол атрофида ўтириб яна бир бор гаплашиб олади.

Саммитлар одатда расмий тил, расмий баёнотлар билан ўтади. Лекин бугунги муҳит бошқача. Чунки муҳокама қилинадиган масалалар бевосита ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир қилади.

Одатда расмий тадбирларни ёритишнинг ҳам ёзилмаган-ёзилган қоидалари бор. Расмий руҳ сақланиши керак. Лекин ҳозир бироз халқона тилда ва қисқа баён қилишга ҳаракат қиламиз.

Бугун тушгача Қозоғистон Президентининг давлат ташрифи билан боғлиқ тадбирлар ўтказилади. Куннинг иккинчи ярмида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирлар бошланади. Бу формат 2017 йилда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пайдо бўлган. Шунда бир ҳақиқат исботланди. Қўшнилар билан очиқ гаплашиш, муаммоларни “қўнғироқ орқали эмас”, балки юзма-юз муҳокама қилиш кўп масалани янада самарали ҳал қилади.

Шу учрашувлар бошланганидан бери минтақада кўп ўзгариш бўлди. Натижалар эса қоғозда эмас, одамлар ҳаётида сезилмоқда.

Энг аввало чегаралар очилди. Бир пайтлар оддий бориб-келишнинг ўзи сарсонлик бўлгани ёдимизда. Ҳозир эса ID-карта билан борасиз, келасиз. Навбатлар қисқарди, ўтиш осонроқ бўлди.

Савдо ҳажми икки баробарга, ўзаро инвестициялар беш ярим баробардан ортиққа ўсгани алоҳида натижа. Бу рақамлар ортида минглаб иш ўринлари, арзонроқ маҳсулотлар ва янги заводлар бор. Яъни сиёсий келишувлар бозордаги нархларда ҳам акс этяпти.

Қамбарота ГЭСи, Зарафшон ва Амударё бўйича йирик қўшма лойиҳалар амлга оширилаяпти. Энергетика, сув ва саноатдаги бу ишбирлашувлар келгуси йилларда минтақа барқарорлиги учун асос бўлади.

Ички туризм бутунлай янги босқичга чиқди. Юқорида таъкидлаганимиздек, қўшни давлатларга чиқиш арзон ва осон бўлди. Минтақа ичида ҳаракат фаоллашди. Қирғизистоннинг тоғлари, Тожикистоннинг дарёлари, Қозоғистоннинг шаҳарлари “қўшни мамлакат” эмас, “қўшни ҳудуд”дек бўлиб қолди.

Ниҳоят, энг мухими, Марказий Осиё сиёсий майдонда ягона куч сифатида шаклланмоқда. “Марказий Осиё – 2040” концепцияси минтақанинг иқтисодий ягона ҳудудга айланиш йўлидаги дастлабки қадам. Яъни бугунги келишувлар келажакдаги энергетик хавфсизлик, савдо йўллари, транспорт занжирлари ва саноат кооперациясини белгилаб беради.

Тошкентда 15-16 ноябрь кунлари ўтаётган еттинчи Маслаҳат учрашувида бу масалалар янада аниқлаштирилади. Тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва БМТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе ҳам иштирок этади. Бу эса минтақанинг халқаро аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.

Хулоса ҳам оддий. Тошкентда шунчаки йиғилиш эмас, Марказий Осиёнинг келажак ривожланиш харитаси чизиляпти. Қайси йўлдан кетиш, қайси лойиҳани тезлаштириш, хавфсизлик қай тарзда таъминланиши, чегаралардаги тартиб қандай бўлиши шу ерда муҳокама қилинади.

Марказий Осиё катта бурилиш нуқтасига кирди. Ва бу бурилишнинг маркази Тошкент.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси