Рақамли дунёда маблағимиз хавф остида бўлмаслиги учун огоҳликни янада кучайтиришимиз зарур

Қарор ва ижро
Ҳар бир соҳанинг глобал тармоққа интеграциялашуви ва рақамлаштириш жараёнлари фуқароларга кенг имкониятлар яратмоқда. Бироқ бу жараённинг иккинчи томони ҳам борки, у ҳар бир замонавий инсондан огоҳликни талаб этади.
Ёши катта онахоннинг пенсияси, талабанинг стипендияси ёки эндигина маош олган инсоннинг ҳисобидаги маблағ кибержиноятчилар нишонига айланаётганига гувоҳмиз. Бу ташвишли ҳолат саналади.
Бундай вазиятга дуч келган фуқаролар молиявий зарар туфайли ҳаловатини йўқотади. Кўпчилик, аксар ҳолларда, қаерга мурожаат қилишни билмай қолади. Мурожаат қилинганда ҳам кибержиноятчини аниқлаш ва маблағни қайтариб олиш амримаҳол.
Демак, бугунги рақамли давр биздан онлайн харидлар, тўловлар ва турли электрон хизматлардан фойдаланишда янада эҳтиёткор бўлишни талаб қилмоқда. Чунки рақамли макондаги арзимаган эътиборсизлик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Маълумотларга кўра, кейинги беш йил ичида мамлакатимизда кибержиноятлар 68 бараварга, фақат ўтган йилнинг ўзида эса 2023 йилга нисбатан 9,1 бараварга ошган. Шу даврда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар сони 34 бараварга кўпайган. Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг жуда катта маблағи талон-торож қилинган.
Кибержиноятларнинг асосий қисмини банк карталари билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этади. Улар, асосан, зарарли ҳаволалар ва дастурлар, банк картаси ёки мобил қурилмани назорат қилиш орқали содир этилади. Шунингдек, алдов йўли билан мобиль иловалар ва банк карталарини тасдиқловчи SMS-кодларни қўлга киритиш усули ҳам кенг тарқалган.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида Президентнинг 2025 йил 30 апрелдаги “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Унга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги мамлакатда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Банклар ва тўлов ташкилотларига эса киберхавфсизлик чораларини кучайтириш, ҳужумларнинг олдини олиш бўйича қатъий жавобгарлик юклатилди.
Эндиликда кибержиноятларга қарши курашишда шаффофлик ва банклар жавобгарлигини ошириш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳар йил якунида Ўзбекистонда энг кўп кибержиноятлар содир этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати эълон қилинади. Бу орқали фуқаролар маблағларининг хавфсизлиги ва ахборот тизимларининг ишончлилиги бўйича очиқ статистика тақдим этилади.
Шу пайтгача банкларда ёки тўлов ташкилотларида пул ўғирланганда бу ҳақдаги маълумотлар эълон қилинмасди. Энди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар рўйхатини оммага маълум қилади.
Йил охирида ҳар бир молия муассасаси киберхавфсизлик самарадорлиги бўйича баҳоланади. Қайси банк ҳимояни кучайтиргани, қайсиси заифликка йўл қўйгани очиқ кўрсатилади. Агар кибержиноят банк ёки тўлов ташкилотининг айби билан содир этилган бўлса, у ҳолда воқеа тафсилотлари, ўғирланган сумма ва ишлатилган киберҳужум усуллари ҳам эълон қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, бу тизим киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, молия муассасаларининг жавобгарлигини ошириш ва фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, у кибержиноятларнинг сабабларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда профилактика чораларини кучайтиришда самарали механизм сифатида хизмат қилмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА мухбири