Нукус туманини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўналишида янги қурилган иншоотлар фойдаланишга топширилди

70

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Нукус тумани сув таъминоти корхонасининг янги биноси, туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган Насос станциялари ва ичимлик суви тармоқлари, шунингдек, замонавий лабораториянинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгеси  Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.

Таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг махсус қарорига асосан, Осиё тараққиёт банкининг 11,4 млн доллар маблағлари асосида қурилиш ишлари олиб борилди. Шундан, 263 км ичимлик суви тармоқлари тортилиши орқали 31 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланишига эришилди. Шунингдек, «Маданият,» «Ободон» ва «Кердер» насос станциялари, туман сув таъминоти корхонасининг икки қаватли янги биноси, барча замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория қуриб битказилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси аввалги 68,4 фоиздан – 90 фоизга етказилишига эришилди. Албатта, янгидан фойдаланишга топширилаётган ушбу иншоотлар туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.

Ўтказилган тадбир давомида иштирокчилар амалга оширилган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

 

                                                       Қорақалпоғистон ахборот агентлиги