Пхеньяннинг “абадий дипломати” 97 ёшида оламдан ўтди

82

Шимолий Кореяда уч авлод – Ким Ил Сунг, Ким Жонг Ил ва Ким Жонг Ун даврида юқори лавозимларда хизмат қилган сиёсий арбоб Ким Ёнг Нам 97 ёшида вафот этди. KCNA хабарига кўра, у 3 ноябрь куни тананинг бир неча аъзоси фаолияти етишмовчилиги сабаб ҳаётдан кўз юмган.

Марҳум 1998-2019 йиллар давомида Олий халқ мажлиси президиуми раиси сифатида мамлакатнинг маросимий давлат раҳбари вазифасини бажарган. КХДРнинг энг узоқ муддат хизмат қилган дипломатларидан бири ҳисобланадиган Ким Ёнг Нам халқаро майдонда кўпинча режимнинг “юзи” сифатида кўринган.

Ўтган аср 50-йилларида ташқи сиёсат тизимига кириб келган мазкур сиёсатчи кейинчалик ташқи ишлар вазирлигида раҳбарлик қилган, Жанубий Кореянинг уч Президенти билан тарихий учрашувларда қатнашган. Жумладан, 2018 йилги Қишки Олимпиадада Пхеньян делегациясига бошчилик қилган.

KCNA ёзишича, у “партия ва давлат ривожига улкан ҳисса қўшган арбоб” дея эълон қилинди. Режимга содиқлиги билан танилган Ким Ёнг Нам обрўли амалдорлар орасида ҳукмрон Кимлар сулоласига қарши чиқмаган кам сонли шахслардан бири. У ҳеч қачон лавозимидан четлатилмаган ва 2019 йил нафақага чиққан.

Мусулмон Зиё, ЎзА