Қурилиш ойналари учун утилизация йиғими жорий этилади

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Қонун билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш харажатларини қоплаш учун утилизaция йиғимини жорий этишни белгиловчи норма киритилмоқда. Миллий статистика қўмитасининг номи ва ҳуқуқий мақоми ўзгартирилиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун қурилиш ойнаси саноатини ривожлантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитни ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган қурилиш ойнасидан ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ фаолиятни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қонун билан расмий статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолияти такомиллаштирилади. Фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА