Малака оширишда яхши натижа кўрсатган 50 нафар техникум педагоги хорижга юборилади

Бугун таълим сифати — мамлакат тараққиётининг асосий мезони. Шунинг учун ҳам техникумларда фаолият юритаётган фидойи педагогларнинг малакасини ошириш, уларга хорижий тажрибаларни ўрганиш имконини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, техникум педагогларининг малакасини ошириш тизими янгича асосда йўлга қўйилади.
Унга кўра, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш жараёнлари фан йўналишларига қараб турлича ташкил этилади. Хусусан, умумтаълим фанлари ўқитувчилари А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ҳамда ҳудудий педагогик маҳорат марказларида, махсус фан ўқитувчилари етакчи олий таълим ташкилотларида, ишлаб чиқариш таълими усталари эса ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумлари ва тегишли соҳалар бўйича малака ошириш марказларида ўз билим ва кўникмаларини мукаммаллаштиради.
Энг муҳими, ҳар йили малака ошириш жараёнида энг яхши натижа кўрсатган 50 нафар педагог — ишлаб чиқариш таълими усталари, умумтаълим фанлари ва махсус фан ўқитувчилари ўз тажрибасини бойитиш учун хорижий мамлакатларга юборилади.
Бу ташаббус нафақат педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, балки миллий таълим тизимида илғор халқаро тажрибани жорий этишга хизмат қилади. Хорижда малака оширган ўқитувчиларнинг билим ва кўникмалари кейинчалик республика бўйлаб амалиётга татбиқ этилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА