Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлигида муҳим босқич

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Сержио Гор ҳамда Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Музокарада икки мамлакат ўртасидаги инвестициялар, саноат, энергетика ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳолати, шунингдек, жорий йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Лазиз Қудратов эришилган келишувларни амалиётда рўёбга чиқариш муҳимлигини таъкидлаб, америкалик компанияларнинг тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва ахборот технологиялари каби устувор йўналишлардаги инвестиция лойиҳаларига юқори қизиқиш билдираётганини қайд этди.
Шунингдек, учрашувда АҚШда бўлиб ўтадиган “C5+1” саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Мазкур тадбир Марказий Осиё мамлакатлари ва Қўшма Штатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, АҚШнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири — Rowan университети президенти Али А.Хушманд билан ҳам мулоқот ўтказилди.
Томонлар таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Тошкентдаги Nordic International University негизида фаолият юритаётган Rowan халқаро марказини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.

Амалдаги 1+3 бакалавриат ва 1+1 магистратура дастурлари доирасида Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари талабалари Тошкентда ва АҚШда таълим олиб, муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва бизнес бошқаруви йўналишларида Америка дипломини олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Шунингдек, ўқиш жараёнини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштирувчи таълим моделини жорий этиш режалари муҳокама қилинди. Бу ёндашув ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Б.Худойбердиев, ЎзА