Расмий ташрифнинг ҳар дақиқаси муҳим: Кўксаройдаги анъана ҳақида бир оғиз сўз (+видео)

79

Президентлар даражасидаги расмий ташрифлар давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг энг юксак кўринишларидан бири ҳисобланади. Бу шунчаки протокол маросими эмас. У мамлакатнинг дипломатик маданияти, ташкилотчилик салоҳияти ва халқаро обрўсини намоён этувчи муҳим воқеликдир.

Шундай учрашувларда ҳар бир жиҳат, ҳар бир дақиқа эътибор марказида бўлади. Бунда рамз ва маъно уйғунлашади.

Кўксарой қароргоҳида ўтадиган расмий кутиб олиш маросимларида фахрий қоровул саф тортади. Икки мамлакат байроқлари кўтарилган бўлади. Мадҳиялар янграганда эса бутун майдонни ҳурмат, самимият ва тенглик руҳи қамраб олади.

Бу ҳолатларда ҳатто энг майдадек туюлган жиҳатлар ҳам катта маъно касб этади. Қайси давлат байроғи қайси томонда туриши, қайси мадҳия биринчи янграши, етакчилар фахрий қоровул олдидан қай тартибда ўтишининг барчаси халқаро протокол талабларига мос равишда бўлади. Бу тенглик ва ҳурмат рамзи сифатида белгиланган.

Аслида, бу маросим дипломатик анъаналарнинг бир қисми саналади. У орқали давлатлар ўртасидаги ишонч ва самимият даражаси кўринади. Давлат раҳбарини қандай кутиб олиш бутун мамлакатни қандай қадрлаш билан баробар, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу маросимларда юксак маданият, миллий ифтихор ва меҳмондўстлик руҳи яққол сезилади.

Кўксарой қароргоҳида 28 октябрь куни ана шундай юксак руҳдаги маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сербия Республикаси Президенти Александр Вучични расмий кутиб олди.

Қўл бериб кўришиш, байроқларнинг енгил ҳилпираши, мадҳиялар янграши каби ҳолатлар икки халқ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи ҳақида сўзлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда очиқ, тинчликпарвар ва ишончли ҳамкор сифатида тан олинмоқда. Бундай расмий маросимлар эса мамлакатимизнинг дипломатик маданияти, нуфузи ва ташқи сиёсий йўналишидаги изчилликни яна бир бор намоён этади.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири