Мактаб директори ва унинг ўринбосарларига KPI шаклида ҳар ойлик устама тўлаш тартиби белгиланди

60

Вазирлар Маҳкамасининг 21 октябрдаги 662-сонли қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасасининг директори ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра ҳар ойлик устамалар тўлаш тартиби белгиланди.

Унга кўра, умумтаълим муассасасининг раҳбар ходимларига (директор ва унинг ўринбосарлари) ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга Низомнинг 20-бандига мувофиқ белгиланган ҳар ойлик устамалар белгиланмайди.

Халқаро математика, физика, кимё, биология, информатика олимпиадаси – фан олимпиадаларида ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган мактаб раҳбари (директор) бундан мустасно.

Баҳолаш методикаси ва тартиби Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Кўрсаткичлар умумтаълим муассасасининг Ички гуруҳи томонидан баҳоланади. Баҳолаш кўрсаткичлари асосида умумтаълим муассасалари тўплаган умумий баллардан келиб чиқиб, ушбу умумтаълим муассасаси директори ва унинг ўринбосарларига қуйидаги миқдорларда бир календарь йил (январь декабрь ойлари) учун базавий тариф ставкаларига нисбатан ҳар ойлик устама белгиланади:

а) умумтаълим муассасаси директори:

– 61-70 балл тўпласа – 3 фоиз;
– 71-80 балл тўпласа – 10 фоиз;
– 81-90 балл тўпласа – 15 фоиз;
– 91-100 балл тўпласа – 20 фоиз;

б) умумтаълим муассасаси директорининг ўринбосарлари:– 61-70 балл тўпласа – 2,5 фоиз;

– 71-80 балл тўпласа – 5 фоиз;

– 81-90 балл тўпласа – 7,5 фоиз;

– 91-100 балл тўпласа – 10 фоиз.

Директор ёки директор ўринбосарларига белгиланган ҳар ойлик устама жамғармадаги мавжуд маблағлар доирасида амалга оширилади.

Ҳар ойлик устама белгиланиши учун директор ёки директор ўринбосарлари мазкур умумтаълим муассасасида камида 9 ой давомида асосий лавозими бўйича фаолият юритган бўлишлари лозим.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги энг тажрибали умумтаълим муассасалари директорларидан иборат бўлган Директорлар кенгашларида фаолият юритаётган умумтаълим муассасаси директорларига жамғарма ҳисобидан базавий тариф ставкаларига нисбатан 20 фоиз ҳар ойлик устамалар тўланади.

ЎзА