Янгиҳаётда Ўзбекистон саноатининг навбатдаги қудрат нуқтаси барпо этилмоқда

72

Президент ташрифидан сўнг…

Махсус саноат зоналари Ўзбекистон иқтисодиётида янги сифат босқичига ўтиш жараёнининг ёрқин намуналаридан бири саналади. Бундай ҳудудларда давлат сиёсати, замонавий технология, халқаро сармоя ва миллий меҳнат маданияти битта нуқтада уйғунлашмоқда. Натижада иқтисодий тараққиётнинг янги модели шаклланмоқда.

Бу каби лойиҳалар бир қарашда оддий ишлаб чиқариш ҳудудидек кўринади. Аммо унинг замирида бутун бошли иқтисодий фалсафа мужассам. Ишлаб чиқариш орқали ижтимоий барқарорлик яратиш ғояси бор бунда.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда ана шундай манзиллардан бири саналган Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасига ташриф буюрган эди. Биз ҳам шундан сўнг мазкур ҳудудга бориб, янгича саноат муҳитини ва замонавий ишлаб чиқариш маданиятини кўздан кечирдик.

Бу саноат зонаси 2024 йил 20 мартдаги Президент қарорига асосан ташкил этилган. Ўтган қисқа вақт ичида у мамлакат саноат сиёсатининг янги босқичини ифода эта бошлади. Замонавий инфратузилма, қулай логистика, рақобатбардош муҳит ва инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар бу ерда яққол кўзга ташланади.

Бу ҳудуддаги истиқболли лойиҳалардан бири “East Can Solutions” компанияси томонидан амалга оширилаётган алюмин қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш мажмуасидир. Корхона 21 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, қиймати 90 миллион долларни ташкил этади. Ушбу лойиҳа асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмоқда.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда саноатлаштириш сиёсати янги босқичга кўтарилди, – дейди корхона бош директори Дилшод Абдубеков. – Ўзининг ишлаб чиқариш қуввати ва халқаро технологик стандартлар асосида ташкил этилаётган корхоналар сони ортиб бормоқда. Биз ҳам ана шундай лойиҳалардан бирини амалга оширдик. Марказий Осиёдаги саноқли ишлаб чиқариш мажмуаларидан биримиз. Корхонани АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозладик. Барча жараёнлар рақамлаштирилган бўлиб, ишлаб чиқаришда инсон меҳнати самарадорлигини оширадиган, энергия тежайдиган автоматлаштирилган тизимлар қўлланилмоқда. Ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб борамиз. Илк босқичда йилига 600 миллион дона алюмин қадоқ маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичларда бу кўрсаткич 1,1 миллиард ва 2,2 миллиард донани ташкил этади. Бу эса нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки экспорт географиясини кенгайтириш имконини ҳам яратади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Корхонада маҳаллийлаштириш даражасини юқори босқичга кўтариш режаси ички саноат кооперациясини чуқурлаштириб, миллий ишлаб чиқарувчилар учун янги иш имкониятлари эшигини очади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан сўнг 500 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бу нафақат ишсизликни қисқартириш, балки аҳоли даромадлари ва маҳаллий иқтисодиёт фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, давлат бюджетига салмоқли солиқ тушумлари таъминланиши мўлжалланмоқда.

Шу ўринда “Янги авлод” махсус саноат зонасида амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар ҳақида ҳам қисқача тўхталайлик. Бу ерда озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик, кимё ва қурилиш материаллари йўналишларида жами 1 миллиард 200 миллион долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан яқин истиқболда амалга ошиши режалаштирилган 28 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинган эди. Бу ташаббуслар амалга ошгандан сўнг яна 7 минг 600 та янги иш ўрни яратилади.

Бу рақамлар ортида иқтисодий самара билан бирга ижтимоий барқарорлик ҳам мужассам. Чунки ҳар бир янги иш ўрни — янги оилавий даромад, янги имконият, янги ҳаёт сифати демакдир.

Саноат зонасидаги фаолият маҳаллий аҳоли учун ҳам, ёш мутахассислар учун ҳам янги имконият эшигини очмоқда. Бугун бу ерда кўплаб ёшлар замонавий технологиялар билан ишлашни, автоматлаштирилган тизимларни бошқаришни ўрганмоқда. Бу жараён миллий кадрлар салоҳиятини ошираётган муҳим мактаб вазифасини бажармоқда.

Бугунги кунда “Янги авлод” махсус саноат зонаси каби жойлар мамлакат саноат ривожининг қайси йўналишда борилаётганини яққол намоён этмоқда. Бу ерда инновация ва технологиялар асосий ҳаракат кучига айланган. Ўзбекистон иқтисодиёти хомашё экспортига таянган моделдан қиймат яратувчи, юқори технологияли ишлаб чиқариш тизимига ўтиб бораётганини айнан шундай лойиҳалар мисолида кўриш мумкин.

Саноат зоналарида ишга тушаётган ҳар бир лойиҳа ва ҳар бир янги ускуна мамлакатимиз иқтисодий қиёфасини ўзгартирмоқда десак, муболаға бўлмайди. Бу ўзгаришлар нафақат иқтисодий рақамларда, балки одамлар ҳаётида, уларнинг меҳнатга, янгиликка ва имкониятга бўлган муносабатида ҳам акс этаяпти.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири