Ўзбекистон рақамли тараққиёт ва сунъий интеллект ривожи йўлида янги саҳифа очмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-паркка ташриф буюриб, лойиҳанинг иккинчи босқичига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Икки йил олдин 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилган эди. Қарийб 4 гектар майдонда 20-25 қаватли 6 та офис биноси ва замонавий конгресс-холл барпо этилди.
Бу ерда мутахассислар учун барча шарт-шароитлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот ҳамда молиявий технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда “IT-Park” резидентлари сони 3 минг 200 та компанияга етди, уларда 14 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Ўтган йили резидентлар томонидан 1 миллиард 600 миллион долларлик хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажми эса илк бор 1 миллиард долларлик маррадан ошиши режалаштирилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 300 мингдан ортиқ ёшларни ахборот технологиялари соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш мақсад қилинган.
– Ишончим комилки, бугун тамал тоши қўйилаётган ушбу йирик мажмуа олдимизга қўйган улкан марраларни забт этишда, шунингдек, инвесторлар билан Ўзбекистон ўртасида манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади, – деди давлатимиз раҳбари.
Лойиҳага кўра, “IT-Park” ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Бу ерда Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 12 мегаватт бўлган, 150 миллион долларлик дата-марказ барпо этилади. Кейинги босқичларда яна 3 миллиард доллар инвестиция киритилиб, қувват 500 мегаваттга етказилади.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда жами 6 та бино – Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек, сервис ва савдо марказлари қурилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган “Сунъий интеллект хаби”га айланади.
Давлатимиз раҳбари капсула қўйиб, “IT-Park” лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига расман старт берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатмоқда.
– Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди.
Ўтган йили Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.
Натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларини рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтни ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгиланди. Шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилади. Келгуси йилдан вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни жорий этиш ҳолатини баҳолайдиган рейтинг тизими ишга туширилади.
Хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Буни имкониятга айлантириш ва дунёда сунъий интеллектга талаб ортиб бораётган ҳозирги даврда рақобатдош бўлиш учун 3 та энг асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадр тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳа режалаштирилган. Уларни амалга ошириш учун шунга мос қувватлар, замонавий супер-компьютерлар керак. Лекин ҳозирги мавжуд қувватлар фақат кичик лойиҳаларни ишга тушириш учун етади.
Шу боис, замонавий супер-компьютер кластерлари ва дата-марказларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу йил 16 та супер-компьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди. Кейинги йил бу маблағ 2 карра оширилади.
Соҳага инвестицияларни рағбатлантириш учун Қорақалпоғистонда имтиёзли режим жорий қилиниши белгиланди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланади, IT-парк имтиёзлари татбиқ қилинади, импорт ускуналари божхона тўловидан озод этилади.
Шу билан бирга, олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан “спутник интернет” операторлари фаолияти йўлга қўйилади.Улар беш йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Вазирлик ва идоралардаги маълумотлар ҳар хил серверларда тарқоқ сақланаётгани, уларни форматлари турлича бўлгани сунъий интеллектни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, вазирлик ва идоралардаги 55 та, келаси йил қолган барча маълумотлар базаларини ягона дата-марказига ўтказиш топширилди.
– Сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал даражада тушуниши зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар, илмий ишларни рақамлаштириш, сунъий интеллект миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни ўзида ифодалай олиши учун “Ўзбек тили корпуси”ни яратиш зарурлиги қайд этилди.
Президент сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлашни, энг аввало, мактаблардан бошлаш кераклигини таъкидлади.
Шу муносабат билан кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилади. Бунинг учун Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик ишлаб чиқилади.
Ёшларнинг сунъий интеллектдан фойдаланишга доир ғояларини аниқлаш ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси кенгайтирилади ва бу бўйича миллий танлов ўтказилиб, энг юқори натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим ташкилотлари муносиб рағбатлантирилади.
Йиғилишда олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш чоралари ҳам белгилаб олинди. “Янги Ўзбекистон” университетида “тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор” тамойилида ишлайдиган “сунъий интеллект кластери” ишга туширилади. Олийгоҳларда сунъий интеллект, молиявий технологиялар, кибер-хавфсизлик, IT-муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилади.
Талабаларни сунъий интеллектга қизиқишини ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда олийгоҳлар жамоалари ўртасида сунъий интеллект бўйича умуммиллий танлов ўтказилади. Мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган “Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап” танлови ўтказилади.
Умуман, соҳани ривожлантириш борасида етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва ватандошларимиз, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Сунъий интеллект альянсини тузиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Президент Шавкат Мирзиёев IT-паркка ташриф чоғида сунъий интеллект технологияларини мамлакатимиз вазирлик ва идоралари фаолиятига ҳамда бошқа соҳаларга кенг татбиқ этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди.
Бугунги кунда дунёда сунъий интеллект иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик каби йўналишларда асосий таянч воситага айланмоқда. Ушбу технологиялар давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш имконини бермоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, натижада мамлакатимиз сунъий интеллектни жорий этиш бўйича юқори натижаларга эришмоқда.
Президент бу ютуқлар соҳада қўйилган илк қадамлар самараси эканини таъкидлади. Олдинда эса яна кенг кўламли вазифалар тургани айтилди. Шу боис сунъий интеллектни ривожлантиришга оид лойиҳаларни эътибордан четда қолдирмаслик, илғор ташаббусларни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, самарадор тажрибаларни кенг қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллектни тез ва барқарор ривожлантириш учун хорижий ва маҳаллий тажрибаларни доимий таҳлил қилиш, соҳада фаолият юритаётган ёшларимиз, халқаро экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йўналиш ривожининг энг муҳим омили малакали кадрлар тайёрлаш эканлиги қайд этилди.
Кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш мақсадида бир қатор инновацион дастурлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Университет – саноат – халқаро ҳамкорлик” сунъий интеллект кластери лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу ташаббус доирасида ўқувчиларда сунъий интеллект саводхонлигини ошириш, педагог кадрларнинг малакасини юксалтириш, соҳавий дарсликларни ишлаб чиқиш ва саноат учун замонавий мутахассислар тайёрлаш ишлари белгиланган.
Шунингдек, тақдим этилган “AI Maktab” платформаси эса ёшларни рақамли кўникмалар ҳамда замонавий касбларга ўргатишга қаратилган. Платформа орқали иштирокчилар виртуал ёрдамчи, рақамли маркетолог, AI-контент яратувчи, бизнес-аналитик каби ўнлаб йўналишларда масофавий таълим олади.
Президент ушбу тажрибани кенгайтириш, муҳим соҳалар ривожига ёшларнинг илмий салоҳиятини жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, сунъий интеллект бўйича илмий-ўқув лабораторияларини ташкил этишдан кутилаётган натижаларга эътибор қаратилди. Тижорат банкларида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Яқин истиқболда бундай илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни олий таълим муассасаларида кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган иқтидорли ёшларимизнинг “PromptLab”, “Detecting-AI.com” ва “KotibAI” каби инновацион лойиҳалари билан ҳам танишди.
Эътиборлиси, бу каби дастур ва иловалар кичик жамоалардан тортиб йирик компанияларгача иш самарадорлигини ошириш, даромад манбаларини кенгайтириш ва интеллектуал меҳнатни енгиллаштиришда катта имконият яратмоқда. Бугунги кунда ушбу маҳаллий ишланмалар молия муассасалари, қурилиш соҳаси ҳамда ижодий жамоалар фаолиятида қўлланилаётгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилган чора-тадбир ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлади. Сунъий интеллектни жорий этиш жараёнларини янада жадаллаштириш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари