Давлат тили – мамлакатимиз тараққиётининг асоси

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, давлат тилимизга бўлган ҳурмат – бу кўп миллатли халқимизнинг маънавий оламини янада бойитишга, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга бўлган ғамхўрликнинг ифодасидир.
Сўнгги йилларда юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ўзбек тилини чуқур ўрганиш, уни илмий асосларда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш чоралари янги босқичга кўтарилгани – бу юртимизда давлат тилига бўлган алоҳида эътиборнинг ифодасидир.
Шуни унутмаслигимиз керакки, давлат тилининг соф сақланиши – бу мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз келажагини белгилайди. У ўсиб келаётган ёшларни она Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялашда ва миллий урф-одат, анъаналаримизни асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади.
Байрам тадбирида давлат тилининг ҳаётимиздаги аҳамияти кенг эътироф этилди.

Тадбир санъат ва маданият ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги