Санъатнинг янги маркази халқимизга топширилди

Қорақалпоқ халқининг бетакрор табиати, қадимий тарихи ва бой маданияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев: «Қорақалпоқ диёри ўзининг дунёда ўхшаши йўқ, бетакрор санъати билан барчамизни ҳайратга солиб келади. Айниқса, аждодларимиздан қолган ноёб фольклор асарлари диққатга сазовордир. Ўз юрти, ўз диёрида аждодлар меросига доимо садоқат руҳида яшаётган мард ва меҳнаткаш қорақалпоқ элининг мустаҳкам иродасига тан бериб, бундай халқ билан ҳар қанча фахрлансанг арзийди,» – деган эди.
Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда халқ хўжалигининг барча соҳалари қатори, Қорақалпоғистонда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, асрга татигулик йирик ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда.

Айниқса, Президентимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли, Нукус шаҳрида Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиали ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилиши қорақалпоқ халқининг қадимий маданияти ва санъатига бўлган ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тартибда ўтказилган 73-йиғилиш баённомасининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрель кунги 186-сонли қарори асосида ташкил этилди.
2021 йилда ушбу ўқув даргоҳига Профессионал таълим йўналишлари бўйича санъатшунослик, мусиқашунослик, дирижёрлик (турлари бўйича), вокал санъати (турлари бўйича), созандачилик (турлари бўйича) таълим йўналишлари бўйича 47 нафар ёш ўқишга қабул қилинган бўлса, 2022 йилда 57 нафар, 2024 йилда 61 нафар, 2025 йилда 71 нафар талаба қабул қилинди. Айни пайтда филиалда 241 нафар талаба 65 нафар профессор-ўқитувчидан замон талабларига мос таълим-тарбия олмоқда.
Лекин, афсуски, шу йиллар мобайнида филиал алоҳида ўқув биносига эга эмас эди. Шунинг учун дастлабки йиллари филиал профессор-ўқитувчилари ўзларининг дарсларини Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабида ўтишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг махсус қарори асосида, ўтган йили Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг ўқув биноси учун Нукус шаҳрининг Боғчилик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан махсус ер майдони ажратилиб, умумий қиймати 56 млрд сўм бўлган қурилиш ишлари бошланган эди.
Қурилиш ишлари ўтган йили август ойида «Тупроқ қалъа махсус қурилиш» масъулияти чекланган жамиятининг қўли гул қурувчилар томонидан бошланиб, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида якунланиб, республикамиз халқига байрам совғаси сифатида топширилди.
Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг янги ўқув биносининг очилиш маросимида республикамиз раҳбарияти, сенаторлар, депутатлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа фидойилари, нуронийлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тантанали маросим Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ҳамда янги бинонинг халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширилиши билан самимий табриклади.
Республикамиз раҳбари ўз сўзида, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимизда таълим, шу жумладан олий таълимга қаратилаётган эътибор натижасида юз бераётган йирик ўзгариш ва янгиланишларни ғурур билан тилга олиб, яратилаётган бундай кенг имкониятлардан республикамиз ёшлари самарали фойдаланиши кераклиги ҳақида айтиб ўтди.
Сўнгра республикамиз раҳбарияти ва санъаткорлар томонидан янги бино олдига тортилган анъанавий лента кесилиб, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалида талабаларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

– Халқимизнинг санъат ва маданиятга бўлган ихлоси ва ҳурмати жуда юқори, – дейди мазкур филиал директори Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, «Шуҳрат» медали соҳиби, профессор Рудакий Алламбаев. – Муҳтарам Президентимизнинг республикамиз ёшларига бўлган оталарча ғамхўрлиги туфайли, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун Юртбошимизга катта раҳмат айтаман. Келажакда талабаларимиз ўзларига билдирилган ишончни тўла оқлаб, жаҳон саҳналарида ўзларининг санъатларини кўрсатади деб ўйлайман.
– Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг 4-курсида рубоб-прима мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқдаман, – дейди шундай бахтли ёшлардан бири Ақсунгул Осербоева. Чунки, бундан буён бизлар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги ўқув биносида ўз ўқишимизни давом эттирамиз. Бу ерда ёшларнинг таълим олиши учун барча қулай шароитлар яратилган. Бундай шароитларни яратиб бергани учун Президентимиз Ш.Мирзиёев ва республикамиз раҳбариятига катта миннатдорчилик билдираман.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.