Қорақалпоғистон – Саудия Арабистони: ҳамкорлик кенгаймоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг йирик инвестиция компанияларидан бири – «Al Kathiri Holding Company» ташкилотининг стратегик директори Самия Хаджжо билан учрашув ўтказди.
Учрашувда республикамиз билан компания ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инфратузилма ва қурилиш соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида Нукус шаҳрида «Emmedue» технологияси асосида 20 мингта арзон уй-жой қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари батафсил кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражасини ошириш, замонавий ва энергия тежамкор уй-жойлар барпо этиш орқали минтақада ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашувда Нукус халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида аэропорт инфратузилмасини янгилаш ва йўловчиларга қулайликлар яратиш режалаштирилмоқда.
Томонлар ушбу ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги