Қатар –Ўзбекистон қўшма қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди

104

Қатар ахборот агентлиги QNA, “Marsalqatar”, “Аш-Шарқ” каби етакчи нашрлар Тошкент шаҳрида икки давлатнинг қатор юқори лавозимли расмийлари ҳамда давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирокида Қатар – Ўзбекистон иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик қўшма қўмитаси иккинчи мажлиси бўлиб ўтганига эътибор қаратди.

Сессияни Қатар Савдо-саноат вазирлиги ташқи савдо бўйича давлат вазири доктор Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Саид ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов олиб борди.

Ҳамкор томон баёнотида ушбу сессия икки томонлама муносабатни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик уфқини кенгайтириш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида чақирилгани, ўзаро иқтисодий ва сармоявий шерикликни ривожлантириш бўйича муштарак ирода, аниқ стратегик қарашни акс эттириши таъкидланган. Мулозим чуқур муносабатлар турли соҳаларда жадал ривожланаётганига урғу берди. Қатар – Ўзбекистон ишбилармонлари кенгашини ташкил этиш орқали хусусий сектор ролини фаоллаштириш муҳимлигига тўхталди. Бу инвесторлар ўртасидаги алоқа йўлларини кенгайтириш, мустаҳкам ва барқарор негизда қўшма лойиҳалар захирасини мустаҳкамлаш имконини беради. Сўзи якунида барчани имкониятлардан самарали фойдаланиш ва устувор тармоқларда ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди. Доҳа ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови жадвалини кенгайтириш муҳимлиги, бу савдо-сотиқни ривожлантириш, иқтисодиёт ва туризм соҳаларидаги алмашинувни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Шунингдек, қўшма қўмита икки томонлама ҳамкорлик бўйича аниқ йўл харитаси ишлаб чиқиш, қўшма ташаббус ва лойиҳалар мониторингини олиб бориш, шериклик барқарорлигини таъминлаш орқали умумий манфаатга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида муҳимлиги маъқулланди.

Учрашув доирасида ўтказилган Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва доктор Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Саид учрашувида барқарор иқтисодий шериклик истиқболини ўрганиш йўллари муҳокама қилинди.

М.Пирматова, ЎзА