Саноат ярмаркаси ва инвестиция форуми бўлиб ўтди

106

Нукусда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирокида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Мазкур ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, республикамиз ва вилоятлардан келган 180 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг 600 га яқин маҳсулотлари намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи товарлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф этилаётган маҳсулот турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Владимир Жоллибеков иштирок этиб, ярмарка табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-кимё саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебелсозлик, электроэнергия ва электротехника маҳсулотлари ҳамда бошқа саноат соҳаларида тармоқ-ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам катта имкониятлар яратиб беришини таъкидлади.

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импортни оптималлаштириш борасида қатор ижобий ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда, республикамизда 3 минг 911та саноат корхонаси ва 94 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар самарали фаолият юритмоқда.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилда 17,8 триллион сўмни, 2024 йилда эса 24,3 триллион сўмни ташкил этиб, 106,2 фоизга ўсиши таъминланди, жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми 27 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳудудий саноат корхоналарининг жорий йилдаги ўсиш суръати 65,9 фоизни ташкил этиши кўзда тутилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2024 йил якуни билан 512,0 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 2025 йилда нисбатан 120 фоизга оширилади.

Жорий йил якунига қадар эса 38 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилиши ҳисобига 700 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Саноат ярмаркасида саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ва бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлди.

– Бизнинг Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Фейсал» МЧЖ фаолият бошлаганига 15 йил бўлди ва бугунги кунда 2 мингдан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади, – дейди жамият ходими Муратбек Искандаров. – Бугунги кунда Бухоро, Тошкент вилоятларидаги, Қорақалпоғистондаги бир қатор корхоналар асосий мижозларимиз бўлиб, уларга ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни ўз вақтида етказиб бермоқдамиз. Келгусида хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бугун Нукус шаҳрида ўтказилаётган ярмаркада бир қатор корхоналар билан шартномалар туздик. Бу эса фаолиятимизни янада кенгайтириш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.

Аҳамиятлиси, ярмарка давомида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестиция имкониятлари, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, B2B учрашувлари ўтказилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги