Ижара уйларида истиқомат қилувчи талабалар ўртасида хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда

92

Куз-қиш мавсумининг бошланиши билан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ва ностандарт газ мосламаларидан фойдаланиш, мўриларнинг носозлиги ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чиқариши ва ис газидан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ижара уйларида истиқомат қилаётган талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, турли бахтсиз ҳодисаларнинг, хусусан, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Мазкур жараён доирасида ҳар бир факультет кесимида махсус ишчи гуруҳлар (отрядлар) шакллантирилиб, улар томонидан талабалар истиқомат қилаётган ижара уйларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, мўриларнинг тозалиги, иситиш мосламаларининг тўғри ўрнатилгани, ёнғин хавфсизлиги воситаларининг ҳолати ва фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ўрганилди. Ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчиликлар махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойида бартараф этилмоқда.

Шунингдек, талабаларга ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги ва тозаликка риоя этиш борасида амалий кўрсатмалар берилиб, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Ушбу фаолиятнинг асосий мақсади – ёшларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсиз шароитда яшашларини таъминлашдан иборат.

Институт раҳбарияти томонидан мазкур йўналишдаги ишлар доимий назоратга олинган бўлиб, куз-қиш мавсумида бундай профилактик тадбирлар мунтазам равишда давом эттирилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги